Тожикистонда ёғингарчилик қурбонлари сони 17 нафарга етди
Олам
−
29 Август 2023
3860Тожикистонда кучли ёғингарчилик оқибатида 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ваҳдат шаҳридаги табиий офат оқибатларини бартараф этиш вақтида, тозалаш ишлари олиб борилаётганда яна тўрт кишининг жасади топилди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг нашрга маълум қилишича, Ваҳдат шаҳрининг Рўзик, Симиганж, Чуянгарон ва Ромит номли қишлоқларида олиб борилган ишлар вақтида 3 нафар аёл ва 1 нафар эркакнинг жасади топилган.
“Жасадлар шахсини аниқлаш учун тегишли органларга топширилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 350 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иштирокида сув тармоқлари, кўча ва йўллар, юқорида қайд этилган маҳаллалардаги 25 та турар-жой биноси лойдан тозаланган. Ваҳдат-Ромит автомобиль йўли ҳам тўлиқ лой ва тош массалардан тозаланиб, ҳаракат тикланган.
Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотларига кўра, 29 августга ўтар кечаси кучли ёғингарчилик туфайли Душанбе-Ваҳдат-Ляхш автомобиль йўлида сел оқими юзага келган. Оқибатда йўллар тўсиб қўйилиб, транспорт ҳаракати тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, кучли ёғингарчилик Тожикистонда 27 август куни бошланганди. Душанбе, Ваҳдат ва Ҳисор шаҳарлари, шунингдек, Рудакий, Варзоб, Деваштич, Рашт, Сангвор ва Тожикобод туманлари сел ва кўчкилардан жиддий зарар кўрган. Аввалроқ ёғингарчилик оқибатида Ваҳдат туманида 11 киши, Рудакийда эса 2 киши қурбон бўлган.