Тожик-қирғиз чегарасида ўт очиш тўхтатилди
Олам
−
28 Январь 2022
5578Бир кун аввал қуролли тўқнашув юз берган тожик-қирғиз чегараси ҳудудида отишма Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори ўртасидаги музокаралардан сўнг тўхтатилди. Бу ҳақда Сўғд вилояти раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоев ўртасидаги музокаралар чоғида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди. Йўллар очиқ, қўшинлар олиб чиқилди. Қўшма комиссия 28 январь куни эрталаб терговни бошлайди”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ярадорлар ва ҳалок бўлганлар бўйича якуний маълумотлар аниқланмоқда.
Можаро томонлари ўртасидаги музокаралар бугун, 28 январь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва чегарадош вилоятлар раислари иштирокида давом этади.
Аввалроқ, қирғиз-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси кучлари, шунингдек, Республика армияси ва полицияси Тожикистон билан чегарага олиб келиниши бошлангани айтилганди.
LiveБарчаси