Тожик электри Ўзбекистонга қанчага тушаётгани айтилди
Олам
−
26 Август 2022
10496Тожикистон электр энергиясининг асосий истеъмолчиси Афғонистон бўлиб, Ўзбекистонга ҳам нисбатан кичикроқ ҳажмда етказиб берилади. Бу ҳақда “Asia Plus” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, имзоланган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Тожикистон электр энергиясининг ҳар киловатт-соати учун 2 цент, Афғонистон эса 4,67 цент тўлайди.
Ўзбекистон учун паст тариф Тожикистон Ўзбекистон табиий газини арзонлаштирилган нархда олаётгани билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қарорда 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон бўйлаб аҳолига газ ва электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниши ва нарх оширилиши таклиф қилинди.
Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун ойига 250 кВт соатгача "ижтимоий норма" белгиланаётган эди. Шунингдек, 1 кВт 325 сўмга баҳоланди. Нормадан ошиқ истеъмол қилинган электр энергиянинг ҳар 1 кВт соати учун – 650 сўм тўланиши айтилди.
Табиий газ бўйича ўрнатиладиган тартиб эса иситиш мавсумини ҳисобга олиб белгиланиши қайд этилди. Хусусан, аҳоли учун:
• 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;
• иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўмни ташкил қилиши;
• суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланаётган эди.
Бироқ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электр ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмайдиган бўлди. Юридик шахслар учун 15 июлдан энергоресурслар учун тарифлар оширилиши айтилди. Кейинчалик эса юридик шахслар учун ҳам электр ва газ нархини ошириш вақтинча тўхтатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь