Расман! Юридик шахслар учун ҳам “свет” ва газ нархи ошмайдиган бўлди
Жамият
−
15 Июль 2022
9745Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 июлидан Ўзбекистонда юридик шахслар учун энергоресурслар нархи ошиши кутилаётганди. Бироқ юридик шахслар учун ҳам электр ва газ нархини ошириш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг “Вазирлар Маҳкамасининг ёқилғи-энергетика ресурслари таъминотида бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида” 2022 йил 30 июндаги 348-сон қарорининг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида”ги қарорида сўз боради.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш ҳамда нарх шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш ишларини пухта таҳлил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси “Ёқилғи-энергетика ресурслари таъминотида бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида” 2022 йил 30 июндаги 348-сон қарорининг амал қилиши вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, энергоресурслар учун нархларни эркинлаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳаси билан 2022 йил 15 июлдан бошлаб:
Электр энергияси бўйича:
• аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси нархи ўзгаришсиз, яъни – 295 сўм;
• 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 600 сўм.
Табиий газ бўйича:
• аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли нархи ўзгаришсиз, яъни – 380 сўм;
• 1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 150 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 100 сўм.
Суюлтирилган газ нархи эса аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни – 1 120 сўм миқдорида белгиланиши назарда тутилганди.
Жорий йилнинг 15 июнь куни мазкур қарор лойиҳасининг муҳокама жараёнлари якунланган ва 1 100 дан ортиқ таклиф ва эътирозлар келиб тушгани маълум қилинганди. Шу сабабдан энергоресурслар учун нархларни дастлаб юридик шахслар учун эркинлаштиришга қарор қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь