Тошкентга яна 1200 та автобус олиб келинади
Жамият
−
09 Июль 3844 3 дақиқа
Жорий йилнинг сентябригача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна 1 мингта автобус олиб келинади. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мамлакатда жамоат транспорти тизими аҳолини рози қиладиган даражада йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилган. Шаҳарлараро автобуслар график бўйича эмас, балки йўловчилари 40-50 киши бўлиб тўлганда юришга ўрганган. Чунки тадбиркорларга шаҳарлараро жамоат транспортида зарарни компенсация қилиш механизми йўлга қўйилмаган. Субсидия фақат шаҳар атрофидаги автобуслар учун бор.
Президент эндиликда ўрта ва узоқ масофага қатнайдиган жамоат транспортини ривожлантириш бўйича янги тизим жорий қилинишини айтди. Бунинг учун Тошкент шаҳри ва вилоятлараро қатнов бўйича алоҳида ёндашув бўлади.
Пойтахтга кунига 1 миллион одам ташриф буюрса, шундан 275 минг нафари Тошкент вилоятидан келади. Шу боис пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади.
Бунинг учун, Тошкент халқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15-20 километрга узайтирилади, яна янги 6 та маршрут қўшилади. Бу Тошкент вилояти аҳолиси учун катта қулайлик бўлади.
“Маршрутлар узайса, кутиш вақти кўпаяди”, деб аҳоли хавотирга тушмасин. Сентябргача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна 1 мингта автобус олиб келамиз”, дейди давлат раҳбари.
Янги тизимни пойтахт ва Тошкент вилояти учун 1 сентябрдан, йирик шаҳарларда эса келаси йили 1 январдан жорий қилиш топширилди.
Шунингдек, шаҳарлар ва вилоятлараро жамоат транспорти қатновларини жонлантириш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишдаги автобус ва микроавтобуслар учун йўловчи бошига субсидия берилади. Автобуслар учун утилизация йиғимидан имтиёз яна уч йилга узайтирилади ва микроавтобусларга ҳам жорий қилинади.
Туристик автобус ва микроавтобуслар учун божхона божидан имтиёз уч йил давомида жамоат транспорти учун ҳам қўлланади. Бунда, тадбиркорларга 2 та шарт қўйилади – ҳаракат графигига қатъий амал қилиш ҳамда электрон тўлов тизимига ўтиб, тушумларни шаффоф кўрсатиб бориш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев мазкур видеоселектор йиғилишида ўтган 2024 йил давомида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлганини, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётганини айтиб, ташвиш билдирган эди. Шунингдек, Президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланишини эълон қилганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда эндиликда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилиши маълум қилинди. Бунда қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь