Ўзбекистонда сурункали қоидабузарларга қарши янги тизим ишга туширилади
Жамият
−
09 Июль 6378 2 дақиқа
Ўзбекистонда эндиликда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йилда ҳайдовчилар 24 миллионта ҳуқуқбузарлик содир этган. Буларнинг 81 фоизи қўпол қоидабузарликка киради. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида бу сурункали тус олган.
Ижтимоий тармоқларда аҳоли, ҳатто таниқли шахслар ўртасида “жаримани тўлаб қўйдим-ку, хоҳлаганимдек юравераман”, дейиш авж олган.
“Эндиликда йўлларда ҳайдовчилик маданиятини ошириш, ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида янги тизим қиламиз”, дейди Президент.
Бунинг учун “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.
Шунингдек, тезлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиб, меъёрдан 2-3 карра тез юрганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев мазкур видеоселектор йиғилишида ўтган 2024 йил давомида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлганини, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётганини айтиб, ташвиш билдирган эди.
Шунингдек, Президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланишини эълон қилганди.
Live
Барчаси