Самолёт борт кузатувчисига шилқимлик қилган эркак қамалди
3-саҳифа
−
08 Январь
6420Кеча, 7 январь куни Тошкент шаҳрида самолёт борт кузатувчисига шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Қайд этилишича, ҳолат 2024 йил 31 декабрь куни Сочи – Тошкент йўналиши билан учиб келаётган самолёт бортида содир бўлган. Унда 1985 йилда туғилган йўловчи Ж.Э. маст ҳолда ушбу рейсда хизмат кўрсатаётган Uzbekistan Airways борт кузатувчи қизи танасининг ёнбошини бир неча марта ушлаб, унга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган.
Суд мажлисида Ж.Э. маст ҳолда бўлгани сабабли қўлидан тушиб кетган нарсасини полдан олаётганида қўли бехосдан ўтиб кетаётган борт кузатувчисининг ёнбош соҳасига тегиб кетганини айтган. У борт кузатувчига шилқимлик қилмаганини, бундай ҳолат бошқа қайтарилмаслигини ва унга енгиллик беришни сўраган.
Жабрланувчи ўз кўрсатувида Ж.Э. маст ҳолда бир неча маротаба унинг ёнбошига қўли билан тегиниб, шилқимлик қилганини таъкидлаган. У йўловчи Ж.Э.га бундай ҳаракатларни тўхтатишни сўраб танбеҳ берганини, Ж.Э. ҳаракатларини тўхтатмаганини, уни бошқа йўловчиларга хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиб, унга қўпол муомалада бўлишда давом этганини айтиб, суддан Ж.Э.га қонуний чора кўришни сўраган.
Суд Ж.Э.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисми (Шаҳвоний шилқимлик) билан айбли деб топди ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жинсий алоқа қилишдан бош тортган аёлни суратларини тарқатиш билан қўрқитган эркак қамалганди.
LiveБарчаси