Тошкентдан водийга олиб борувчи йўл вақтинча ёпилди
Жамият
−
14:20 1916 1 дақиқа
Тошкент шаҳридан водий йўналишига ҳаракатланадиган ҳайдовчилар бугун, 28 октябрь соат 08:00 дан жорий йилнинг 30 октябрь соат 08:00 гача A373 “Тошкент–Ўш” автомобиль йўлининг Чирчиқ дарёси устидаги кўпригидан ўта олмайди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, йўлнинг Бектемир тумани ҳудудидан ўтувчи 1-километрида жойлашган кўприкда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли Тошкентдан водий томон ҳаракатланиш вақтинча чекланади.
Ҳайдовчилар учун муқобил йўналишлар ҳам белгиланган. Тошкент шаҳридан Оҳангарон шоссесига чиқиш йўли D001 “Тошкент ҳалқа автомобиль йўли”нинг 47-километри – Роҳат айланма йўлидан Қўйлиқ томонга йўналтирилади.
Юқори Чирчиқ туманидан Тошкент шаҳрига кираётган транспорт воситалари эса D012 “Бектемир–Чирчиқ–Ғазалкент–Чорбоғ” автомобиль йўлининг 6-километридан Йик-ота ва Фарғона йўли йўналишларига йўналтирилади.
Ҳайдовчилардан сафар вақтида ушбу чекловларни ҳисобга олиш ва муқобил йўналишлардан фойдаланиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Комил Яшин кўчасида автомобилларда ҳаракатланиш 10 кунга чекланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси27 Октябрь