Тошкентдаги ТТЖда сифатсиз олиб борилаётган қурилиш тўхтатилди
Жамият
−
18 Октябрь
4344Тошкент давлат аграр университетининг талабалар тураржойи биносида қурилиш ишлари сифатсиз олиб борилаётгани сабаб тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, қурилаётган Тошкент давлат аграр университетининг талабалар турар жойи биноси 400 ўринга мўлжалланган. Инспекция ходимларининг берган кўрсатма ва огоҳлантиришларига қарамай, пудратчи ташкилот “New brand house” МЧЖ сифатсиз ҳамда лойиҳа талабларини бузган ҳолда қурилиш ишларини давом эттирган.
“Гипсакардон плитасини деворларга ёпиштириш жараёнида профиллардан карказ қилиб ўрнатилиши, ўрнига гипс билан қотирилиб, ўрнатилган”, дейди Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош инспектори Исмоил Ҳамидов.
Бундан ташқари, бинонинг ички хоналарига кириш эшикларининг “перемичка”ларини ўрнатиш ва том ишлари ҳам тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига зид тарзда амалга оширилган. Бу эса объектда техник назоратчи ва ички назоратчи ишламаганидан далолат беради.
Билдирилишича, инспекция ходимлари томонидан қурилишда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан 14 марта қурилиш масъулларига ёзма кўрсатмалар берилган. Аммо қурилиш ишлари шу йўсинда давом эттирилган. Шундан сўнг, 3 марта жарима чоралари қўлланилган ҳамда бугунги кунда бино техник текширувдан қайта ўтгунга қадар қурилиш ишлари тўхтатилган.
“Кенг қамровли рейд тадбирлари Тошкент вилоятининг ҳар бир ҳудудида давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан сифатсиз қурилиш объектлари бузиб ташланган эди.
LiveБарчаси