APK-файллардан фойдаланиб, минглаб фуқароларни чув туширганлар ушланди
3-саҳифа
−
10:24 298 2 дақиқа
Тошкентда Telegram фойдаланувчиларига зарарли APK-файллари ва фишинг ҳаволаларини юбориб, уларнинг шахсий ҳамда банк маълумотларини қўлга киритган икки нафар шахс аниқланди. Улардан бири “Omad shou” ва “Soliq” логотипларидан фойдаланиб, фуқароларнинг аккаунтларини эгаллашга уринган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолатлар “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида Ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланган.
Тошкент шаҳар ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан биринчи шахснинг хонадонидаги компьютер ва телефон қурилмалари текширилган. Натижада у Telegram фойдаланувчиларига зарарли APK-файллари ҳамда фишинг ҳаволаларини юбориб келгани маълум бўлган. Ушбу воситалар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари, телефон рақамлари ва банк карталарига оид маълумотларини қўлга киритган.
Шунингдек, у “Omad shou” ва “Soliq” логотипларидан фойдаланиб, фуқароларнинг Telegram аккаунтларини эгаллашга қаратилган фишинг ҳаволаларини тарқатган. Текширувларда унинг жами 2 795,13 USDT, яъни қарийб 33,4 миллион сўмлик криптоактивларни қабул қилиб, кейинчалик бошқа банк карталарига ўтказгани аниқланган.
Яна бир шахсга тегишли iPhone 15 Pro Max русумли телефон ҳам текширилган. Унда яширин интернет сайтлари орқали зарарли APK-файлларини яратиш билан шуғулланганлик аломатлари аниқланган. Электрон маълумотлар таҳлилида жами 12 та транзакция қайд этилган бўлиб, уларнинг умумий айланмаси 4 202 USDT, яъни қарийб 50,2 миллион сўмни ташкил этган.
Барча қурилмалар ва электрон маълумотлар холислар иштирокида белгиланган процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахсларнинг ноқонуний фаолиятидан Ўзбекистон ҳудудида минглаб фуқаролар жабрланган бўлиши мумкин.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-6-моддаси (Зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тарқатиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида 19 ёшли йигит махсус платформа орқали 2,6 миллиард сўмлик крипто-активларни ноқонуний ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғуллангани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЗангиотадаги бинода ёнғин чиқди
15 Ноябрь
Судан армияси назоратни қайта тиклади
15 Ноябрь