Тошкентдаги тирбанд чорраҳаларда йўл ўтказгичлар қурилади
Жамият
−
31 Август
4996Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг тирбанд чорраҳаларида йўл ўтказгичлар қурилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Ҳурматли президентимиз ушбу иншоотлари билан танишувлари давомида бизга қисқа вақтда ТҲАЙни ва шаҳардаги энг катта тирбанд чорраҳаларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, ўша чорраҳаларда мана шу каби металл конструкцияли йўл ўтказгичларни қуриш бўйича топшириқ берди. Албатта, биз — мутахассислар Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда чорраҳаларни қисқа муддатда хатловдан ўтказиб, тажрибамизни янада оширган ва янги лойиҳаларни қўллаган ҳолда ҳамшаҳарларимизга янги-янги иншоотларни қуриб, фойдаланишга топширамиз”, дейди Жамшид Турсунов.
Реконструкция жараёнида йўл ўтказгич остидаги Темур Малик кўчаси тўрттадан олти тасмалига кенгайтирилди. Буюк ипак йўли кўчасидан чиқиш йўллари қўшилди ва йўл ўтказгичнинг ўзида ҳам, чиқиш чорраҳаларида ҳам бурилишлар ташкил этилди.
Мамлакатда биринчи марта йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилган. Жамшид Турсуновнинг сўзларига кўра, бундай йўл ўтказгичнинг анъанавий бетон ва монолитга нисбатан афзаллиги шундаки, у 2,5−3 баравар енгил, 30 фоизга арзон, фойдаланиш харажатлари 4−5 баравар кам ҳамда хизмат муддати 100−120 йилни ташкил этади.
“Илгари 25 мингта автотранспорт воситаси бир кунда ҳаракат қиларди, янги иншоотни қурганимиздан сўнг ҳозирги кунда 50 мингдан ортиқ транспорт воситаси тўсиқсиз ҳаракатлана олиш имкони пайдо бўлди”, дейди қўмита раҳбари.
LiveБарчаси