Тошкентдаги сув ҳавзаларида касалланиш ҳақидаги хабарлар рад этилди

Жамият

image

Тошкентдаги сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида фуқаролар оммавий касалланаётгани ҳақидаги тарқалган хабарлар рад этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълум қилди.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида фуқаролар оммавий касалланаётгани ҳақидаги хабарлари урчиди. Бунга жавобан эса Тошкент шаҳар “СЭС” бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, пойтахтда фаолият юритаётган 57 та чўмилиш ҳавзаси бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан мунтазам санитария-эпидемиологик назоратдан ўтказиб келинмоқда. Тасдиқланган режа асосида сув намуналари ҳар ой бактериологик ҳамда санитария-гигиеник кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилади.

Маълум қилинишича, жорий йил давомида чўмилиш ҳавзаларидан олинган 1 044 та сув намунаси таҳлил қилинган. Санитария талабларига жавоб бермаган 7 та мавсумий чўмилиш ҳавзасида эса сув тўлиқ алмаштирилиб, ювиш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.

Шунингдек, бугунги кунгача сув ҳавзаларида чўмилиш оқибатида заҳарланиш ёки юқумли касалликлар билан боғлиқ бирорта ҳам шошилинч хабарнома Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига келиб тушмагани таъкидланган.

Шу муносабат билан бошқарма ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бундай хабарлар тасдиқланмаганини билдириб, фуқароларни асоссиз маълумотларга ишонмаслик, уларни тарқатмаслик ҳамда фақат расмий манбалардаги ахборотларга таянишга чақирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг