Тошкентдаги масжидда можаро кўтарган фуқаро қамалди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 26 июнь куни Олмазор туманида жойлашган “Тўхтабой” жоме масжидида 1980 йилда туғилган Фозилхўжа Арифхўжаев жанжал кўтариб, жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузган. Бу ҳақда ички ишлар органларига масжидга келган фуқаролар маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Олмазор судига тақдим этилган. Суд Фозилхўжа Арифхўжаевни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Фозилхўжа Арифхўжаевнинг уяли алоқа воситасида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Мазкур материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш мақсадида телефон аппарати процессуал тартибда расмийлаштириб олинган, диний мазмундаги материални текшириш учун диншунослик экспертизаси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра, Фозилхўжа Арифхўжаевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги “Фозилхўжа Арифходжаев” номли профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига кириши аниқланган. Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Фозилхўжа Арифхўжаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид

Баҳолаганлар

795

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг