Тошкентдаги кўп қаватли уй ҳали битмасдан нурай бошлади

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг девор қисмида катта ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўляпти

Хусусан, Умида исмли Facebook фойдаланувчиси ўз саҳифасида ушбу ҳолат билан боғлиқ пост жойлаган.

“Сергели машина бозорига яқин жойда қурилаётган кўп қаватли уйларни кўришга бориб, мана бу жойига кўзим тушиб қолди. Аллоҳ ўзинг бу юртни зилзила ва сув балосидан асра, дея бу ердан уй олиш ниятидан қайтдим”, деб ёзган у.

Шунингдек, Умиданинг постига бошқа кўплаб фойдаланувчилар ҳам ҳазил аралаш изоҳ ёзган.

“Бу уйларни орқа тарафидан ўтиб кўриб, биз ҳам қўрқиб кетгандик. Энг қизиғи шу уйлар ҳам кимларгадир сотилади ва уни сотиб олган одам пулига куяди”, деган Юсуф исмли фойдаланувчи. 

Яна бир фуқаронинг ёзишича, уйларнинг девор қисмида ҳосил бўлган ёриқлар “яхшилаб сувалса, билинмай кетади”.

Мазкур ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, ушбу қурилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, хабардор қилиш тартиби орқали Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган.

“Ушбу ҳолат бўйича Тошкент туманлараро маъмурий суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий судларининг ҳал қилув қарорлари қабул қилинган”, дейилади вазирлик муносабатида. 

Унга кўра, манзилдаги қурилиш ишлари суд органларининг якуний ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар, масъул МЧЖга олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларини вақтинча тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги кўприк балкалари синиб, йўли чўкиб кетган эди. Оқибатда Тошкент-Термиз йўналишидаги барча транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиб қолганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Сергели кўп қаватли уй ёриқлар нураш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг