Сирдарёдаги кўприкнинг синишига ҳам “кемирувчилар” айбдорми?
Жамият
−
16 Сентябрь 2023
16978Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги кўприк балкалари синиб, йўли чўкиб кетди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобиль йўлининг 10 километрида жойлашган зовур кўпригининг Тошкент-Жиззах йўналишидаги қисмида 5 та балкалар синиб кетган.
Ушбу носозликлар бартараф этилгунга қадар, Тошкент-Термиз йўналишидаги барча транспорт воситалари ҳаракати чекланиб, уларнинг ҳаракати М-34 Тошкент-Душанбе автомобиль йўлининг 103-152 километри (жами 49 километр) ва А-376 Қўқон-Жиззах автомобиль йўлининг 219-237 километри (жами 18 километр) орқали вақтинча ташкил этилади.
“Барча йўналишларда ЙПХ постлари ташкил қилиниб, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилган”, дейилади хабарда.
Бироқ манба берган хабарда кўприкдаги авариявий ҳолат айнан нима сабабдан юзага келгани ва унинг қанча муддат ичида бартараф этилиши, шунингдек, йўналишда қачондан автомобиллар ҳаракати тикланиши ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет девори ёрилиб, сув тошқини юзага келган эди. Мутахассисларнинг мазкур ҳолат юзасидан берган дастлабки хулосаларида сув тўғонининг ўпирилишига ноқулай об-ҳаво шароити, ёмғир ва кучли шамол, турли кемирувчилар, тулкилар ёки йирик лаққа балиқлар сабаб қилиб кўрсатилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь