Сардоба фожиасига ёмғир ва шамолни сабаб қилиб кўрсатиш мантиқданми?

Таҳлил

image

1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет девори ёрилиб, сув тошқини юзага келгани, сув аҳоли яшаш пунктини босганидан хабарингиз бор. Сув тошқини натижасида минглаб аҳоли уйлари вайрон, экин далалари ва томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотлар нобуд бўлди. 70 мингга яқин фуқаро эвакуация қилинди. 

Хўш, сув тўғонининг ёрилишига нима сабаб бўлди. Мутахассисларнинг бот-бот такрорлаётганидек, сув тўғонининг ўпирилишига ноқулай об-ҳаво шароити, ёмғир ва кучли шамол сабаб бўлгани ростми? 

Физик материалшунос, фан номзоди Рустам Ашуров "Сардоба" сув омборида бўлган воқеани ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида қуйидагича шарҳлади: 

“Фалокатда гидрометеорологик факторлар таъсирини ўрганиш учун биринчи навбатда метеорологик мониторинг натижаларида олинган маълумотларга таянамиз. Сув омборига энг яқин бўлган метеорологик станция бу — Янгиер метеорологик кузатув станциясидир. У сув омборидан 27 км узоқликда жойлашган. 

30 апрель кечаси шамолнинг тезлиги 12 м/с, 27 апрель кечаси (Воқеадан 3 сутка олдин) 17 м/с, воқеа пайтида шамол тезлиги 2 м/с бўлган. Кузатувлар тарихида шамолнинг максимал тезлиги станцияда 36 м/с бўлган. Бу 2 м/с ёки бир кун олдинги 12 м/с сув омбор юзасида тўлқинлар ҳосил қилиши учун важ бўлмас. Майли, бу у даражада катта шамол тезлиги бўлмаса-да, 3 сутка олдин тўлқинларни ҳосил қилган ҳолат сув омбори дамбаси деворларига 3 суткадан сўнг таъсир кўрсатадими? Мантиқ йўқ.

Ёмғир... Бир сутка олдин ва кечаси ёмғир ҳақиқатан кўп ёғган. 45 мм. Бу 67,4 км² майдонга эга сув омбор юзасига бор йўғи 2,7 млн м³ сув тушганини англатади. Умумий ҳажми 900 млн м³ ҳажм сувни ўзига сиғдира оладиган сув омбор учун бу қиймат (0,3%) қандай таъсир этиши мумкин?

Сардоба сув омбори сув олиш сиғими 922 млн м³ бўлиб, сув омбори сув олиш манбаси канал ҳисобланади. Каналдаги сувни доим жиловласа, бошқарса бўлади. Бу сув омбори сой ёки сел ўзани сувларидан сув олмаслигини инобатга олсак, қандайдир ташқи муҳитдан сув оқими(сел-сув тошқини) хавф туғдирмайди. Сув омборининг майдони 60,7 км²ни ташкил этади.

Янгиер метеорологик кузатув станциясининг кузатув натижаларини келтириб ўтамиз:

• 28 апрель станцияда максимал 17 м/с тезликда шамол эсган. Ёғингарчилик кузатилмаган;
• 29 апрель соат 08:00 дан 30 апрель соат 08:00 гача кундуз ва кечаси умумий 45 мм ёмғир ёғган;
• 30 апрель соат 08:00 дан 1 май соат 08:00 оралиқда кундуз ва кечаси ёғингарчилик кузатилмаган. Шамол максимал 8 м/с тезликда эсган. Воқеадан олдин шамол тезлиги 10 соат давомийликда максимал бор йўғи 2 м/с бўлган.

Янгиер кузатув станцияси маълумотларидан ташқари интернет орқали бошқа алтернатив маълумотларни ҳам топиш мумкин. Масалан, www.meteoblue.com. Ушбу сайт орқали воқеа содир бўлган ердаги Гидрометеорологик маълумотларни 26 апрель ва 3 май оралиғи учун кўриб чиқамиз. Сайтдаги маълумотлардан кўришингиз мумкинки, 30 апрель куни шамол тезлигининг максимал қиймати 10 м/с соат 18:00 – 19:59 вақт оралиғида кузатилган. Воқеа содир бўлган вақтда шамол фактори ўта хавфсиз бўлган.

Метеорология, умуман қишлоқ-халқ хўжалиги, саноат-қурилиш соҳаларида шамолнинг максимал тезлиги сониясига 15 метрдан юқориласа, хавфли метеорологик ҳодиса саналади. Лекин, у даражада катта талафотлар юзага келмайди. 

Бу критерия ихтиёрий стратегик объектлар доим тайёр туриши керак. Агарда, шамол тезлиги сониясига 24 метрдан кучайса, авиацияда учқичлар парвози вақтинча бекор қилинади. Шамол тезлиги сониясига 30 метрдан юқориласа, ўта хавфли метеорологик ҳодиса кузатилиб, бунда аниқ қандайдир фавқулодда ҳолатлар юзага келади.

Хулоса

1. Шамол тезлиги критик қийматдан анча паст бўлган. Шамол важи ишончли эмас;

2.  3 кун давомида ёғган ёмғир миқдори сув омбори ҳажмининг 0.3 % миқдорини ташкил қилади. Бу қиймат тўғонга таъсир қиладиган босимни сезиларли равишда оширмаслиги керак. Чунки иншоотларда мустаҳкамлик захираси (запас прочности) деган тушунча бор. Одатда мустаҳкамлик заҳраси иншоот мўлжалланган қийматдан 50 % миқдорида кўп қилиб олинади. Айтайлик бирор кичик кўприкча 1000 тонна юк кўтаришга мўлжалланса, уни мустаҳкамлик захирасини ҳисобга олиб, 1500 тонна юкка мўлжаллаб қуришади. Шундай бўлса-да, 1000 тонна юк учун эксплуатация қилишади. Шу сабабли, агар сув омборининг тўғони қурилишида барча нормалар бажарилган бўлса, 0.3 % қўшимча босим фалокатга олиб келмаслиги керак”.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба сув омбори Сардоба фожиаси

Баҳолаганлар

482

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг