Сардоба фожиасига бир йил: Сирдарёни нега сув босганди?
Жамият
−
30 Апрель 2021
9728Сардоба сув омборининг ўпирилишига Сув хўжалиги вазирлигининг масъулиятсизлиги, лойиҳани тузишда сейсмик чидамлилик инобатга олинмагани ва қурилиш лойиҳага кўра амалга оширилмагани сабаб бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев брифингда маълум қилди.
Абдулла Қўлдошев тўғон ёрилишига сабаб бўлган омилларга тўхталиб, олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижасига кўра, тўғон ўпирилишига бир қатор камчиликлар сабаб бўлгани аниқланганини айтиб ўтди.
Биринчидан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган;
Иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган.
Иккинчидан, “UzGip” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган Техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган.
Учинчидан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилган.
“Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатацияси жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳолати бўйича буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш ташкилотлари ҳамда эксплуатация хизматининг 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслари жиноий жавобгарликка тортилган”, дейди Абдулла Қўлдошев.
Айни пайтда уларга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган.
Ҳозирги вақтда сув омборини қуриш учун ажратилган бюджет маблағларининг қонуний сарфланганлиги юзасидан жиноят иши доирасида тафтиш ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
"Мазкур воқеага дахлдор барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига яқин кунларда суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади", дея қўшимча қилди ФВВ масъули.
Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омборининг 6-пикетида ўтган йил 1 май куни соат 05:55 да ўпирилиш юз бериб, сув тошқини бошланганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15