“Сардоба” сув омбори нима мақсадда қурилганди?
Жамият
−
01 Март 2021
19056Аввал хабар берганимиздек, бугун, 1 март куни Қурилиш вазирлигида “Сардоба” сув омборини қайта тиклаш бўйича режалар ва амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев “Сардоба” сув омбори ёрилишидан кейин республикадаги гидроиншоотлар текширилганини айтиб ўтди.
“Ўтган йили “Сардоба” сув омборида юз берган бахтсиз ҳодиса ҳаммамиз учун сабоқ бўлди. Дастлаб иккита кейин яна тўртта гуруҳ тузилиб, республикамиздаги барча сув омборлари, гидротехник иншоотлар қайтадан кўриб чиқилиб, яқинда шулар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиши кутиляпти”, деди вазир Шавкат Ҳамроев.
У сўзида давом этиб “Сардоба” сув омбори ўзи нега қурилганди, деган саволга жавоб берди.
“Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод, Арнасой, Мирзачўл ва Дўстлик туманларида 142,6 минг гектар ер бевосита шу сув омборидан сув олади. Сув омборига сув келадиган ҳудудлар бор. Бу 253,8 минг гектар – Сирдарё ва Жиззах вилоятининг қатор туманлари сув олади. Сув омбори жами 396,4 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилайди. Сув таъминоти яхшиланди дегани бу ўртача кўп йиллик 69 фоизда бўлган. Лекин сув кам бўлган йиллар мана шу 396 минг гектар майдонда сув таъминти 60 фоиздан ҳам пастга тушган.
Бу лойиҳа натижасида сув таъминоти 92-93 фоизга етди. Албатта, бу 922 млн куб метрга мўлжалланган сув омбори. Ўшанда 922 млн куб метрга мўлжаллаб қурилганда кўп лойиҳачи, экспертлар иншоотни 1 млрд 200 млн кубга мослаб қуришимиз керак деган. Чунки Сирдарёда сув бор”, дейди вазир.
Қайд этилишича, Ўзбекистон қишда ўзининг энергетик эҳтиёжини қондириш учун Қирғизистондан сув чиқаради.
“Қишда оладиган меъёримиздан кўпроқ сув ўтиб кетади, шу сабабдан сув тошқинлари, селлар бўлади. Шундай вазиятда сув таъминоти энг оғир жойларда омборлар қурилса, у сувни ушлаб қоларди, кейин ёзда таъминот 60-70 фоиз бўлган жойларда сувни чиқариб 90-100 фоизга етказиларди”, дея тушунтирди масъул.
Вазирга кўра, Сардоба сув омбори қурилгунча, эҳтиёжларни қондириш учун шундай гидроиншоотдан бир нечтасини қуришга етарли маблағ сарфланган. Ҳар йиллик харажатларни камайтириш учун 20 та сув омбори қурилиш имконияти ўрганилган ва 3-4 таси маъқулланиб, қарор чиқарилган.
Аввалроқ, “Сардоба” сув омбори тикланиши, жараёнга россиялик мутахассислар ҳам жалб этилиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси