“Сардоба хронологияси” – Кеча Сирдарёнинг бошидан нималар ўтди?
Жамият
−
02 Май 2020
21066Кеча, 1 май куни бутун Ўзбекистон учун ташвишли хабар билан бошланди. Шу куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқа бошлади. Оқибатда, бир қанча аҳоли пунктларига кучли оқимда сув ёпирилиб кира бошлади.
Шундан сўнг, воқеа жойига Ўзбекистон Ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб келди. Эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилди.
Куннинг биринчи ярмига қадар Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги Қўрғонтепа, “Дўстлик”, “Юртдош” МФЙлардан жами 11 598 нафар аҳоли эвакуация қилинди. Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош” МФЙ, “Ота юрт” МФЙ ва “Бирлик” МФЙлардан ахолини эвакуация қилиш режага олинди.
Тушдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг сув омбори ёрилган Сардоба туманига зудлик билан етиб борди. Давлат раҳбари Сардоба тумани аҳолиси билан учрашди.
“Бу ҳам бир синов. Ҳеч ким кутмаган синов. Энг катта қилган ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларига кўчириш эди. Оқолтин раҳбарлари, нуронийлари, маҳалла раисларидан шуни илтимос қиламан, ҳозир одамларни саранжом қилиб, ҳаммани маҳалла-маҳалла қилиб йиғиб олиб, ҳамма шароитини вақтинчаликка яратиб берамиз. одамларни ҳозир йиғиб, уйларга жойлаштириб, ҳамма шароитини қилиб беришимиз керак. Ҳамма куч воситани шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча ман бошчилигимдаги биронта раҳбар ҳеч қаерга қимирламаймиз.
Бу ҳеч ким кутмаган фалокат. 2020 йил оғир келди. Мана шу оғирликни елкамизга олиб, сабр билан чидашимиз керак. Ҳозир хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Одамларни ваҳима қилмаслигимиз керак. Аёллар ва ёшларни тинчлантиришимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Соат 16:00 лар атрофида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги дамбадан сув чиқиши камайгани, сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилгани ҳақида хабар берди.
Тошқиндан жабр кўрган аҳоли вилоятнинг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларидагимактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига жойлаштирилди. Бундан ташқари, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Баҳористон” МФЙларда яшовчи одамлар ушбу тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва шифохонага эвакуация қилинди.
Шунингдек, Оқолтин туманидаги “Аҳиллик”, “Шодлик”, “Саховат”, “Навоий”, “Дўстлик”, “Кўркамдиёр”, “Тошкент”, “Янгиҳаёт”, “Обод” ва “Мустаҳкам” МФЙларининг аҳолиси Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилди. Унда аҳоли учун 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилди.
Табиий офат ўз номи билан офат. Сув тошқини аҳолига катта миқдорда моддий зарар етказди. Айни пайтда унинг аниқ миқдори очиқланмади. Бироқ суратлардан кўриш мумкин-ки, бутун бир маҳаллалар, жумладан, ҳали фойдаланишга топширилганига кўп бўлмаган намунали турар-жой биноларини сув босган. Сўнгги маълумотларга кўра, Тошқин ортидан 56 киши жароҳатланган.
Ушбу офатни бартараф этиш учун дастлабки соатларда Сирдарё вилояти ФВБдан 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди. Айни дамда табиий офат зарарини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев шундай деди: “Биронта хонадон эътиборсиз қолмайди. Қурилишларни бошлаймиз. Худони ўзи сабр берсин, ўзи қўллаб қувватласин”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь