Тошкентдаги АҚШ элчихонасига ЛГБТ байроғи илиниши мумкин
Жамият
−
27 Апрель 2021
30930Америка Қўшма Штатлари янги маъмурият Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШнинг барча элчихоналари фасадларига ЛГБТ рамзи бўлган камалак байроғини ўрнатиш ва шу билан Дональд Трамп маъмуриятининг бу ҳақдаги тақиқини бекор қилишга рухсат берди.
Энди янги котибнинг буйруғи билан дипломатик ваколатхоналар ходимлари АҚШ байроғи ёнида ЛГБТ байроғини ҳам бемалол осиб қўйишлари мумкин.
Шу билан бирга, ҳужжатда элчихона “маҳаллий шароит”ни ҳисобга олган ҳолда ЛГБТ белгисини осиб қўйиш тўғрисида мустақил равишда қарор қабул қилиши мумкинлиги тушунтирилган.
Маълумот учун, собиқ Президент Трампнинг аввалги маъмурияти АҚШ элчихоналари бинолари ташқарисидаги байроқ устунларида камалак байроғини илиб қўйишни тақиқлаган эди, аммо баъзи элчихоналар ушбу буйруққа қарши чиқди ва “ғурур шарафига” биноларни ўзлари ЛГБТ байроқлари билан “безади”.
Маълумот учун, Энтони Блинкен Обама маъмуриятида Давлат котибининг ўринбосари бўлиб ишлаган ва Байден билан биргаликда 2002-2008 йилларда Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасида ишлаган. Блинкен Обаманинг даврида вице-президент бўлган пайт Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган.
Маълумот учун, АҚШ Ўзбекистон Мустақиллигини 1991 йил 25 декабрда тан олган. Элчихона эса 1992 йил март ойида очилган. 2006 йил февраль ойида АҚШ Элчихонаси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 5-квартал Мойқўрғон кўчаси, 3-уйда жойлашган янги манзилга кўчиб ўтди.
Ўзбекистонда бесоқолбозлик расман қонун билан тақиқланган. Ушбу жиноятни содир этганлар Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Аввалроқ Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалганлар қанчалиги очиқланган эди.
Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.
Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.
Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.
Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.