Трамп Украинага Европа қўшинларини юбориш ниятида – WSJ
Олам
−
11:03
3105АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинада ўт очишни тўхтатгандан сўнг келишувларга риоя этилишини назорат қилиш учун унинг ҳудудига “Европа кучлари” жойлаштирилиши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, АҚШ ҳарбийлари бу миссияда бевосита иштирок этмайди.
“У ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш учун Европа кучларининг Украинада бўлишини истайди”, деди газета суҳбатдошларидан бири.
Назорат миссиясига америкалик қўшинлар қандай жалб этилиши аниқланмаган.
WSJ маълумотларига кўра, Дональд Трамп Европа давлатларини Хитой расмийларини жангларни тўхтатиш учун “Кремлга таъсир ўтказишга” мажбурлаш учун кўпроқ чоралар кўришга чақирмоқда. Хусусан, Трамп Европа давлатлари Хитойдан келадиган товарларга бож қўллашни таклиф қилмоқда.
Ноябрь ойи охирида Доналд Трамп инаугурациядан сўнг ўзининг биринчи фармонларидан бири Хитойдан келадиган товарларга 10 фоизлик божлар жорий этиш бўлишини ваъда қилган эди. У бу қарорни АҚШга тақиқланган моддалар контрабандасининг юқори даражаси билан изоҳлади.
Дональд Трамп жамоаси Россия-Украина можаросини ҳал қилишнинг камида учта вариантини кўриб чиқмоқда. Улар, хусусан, Украинага ҳудудий имтиёзлар беришни, яъни фронт чизиғидаги ҳарбий операцияларни тўхтатиб туришни назарда тутади. Шу билан бирга, Украина, кўриб чиқилаётган сценарийларга кўра, НАТОга қўшилишдан бош тортади (ҳеч бўлмаганда келгуси йилларда). Трамп Москва ва Киев ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишни ташқи сиёсатдаги устувор вазифа деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни Парижда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Франция етакчиси Эммануэль Макрон ҳамда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўртасидаги учрашув бўлиб ўтганди. Брюсселда бўлиб ўтган НАТО Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида эса Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўт очишни тўхтаган тақдирда немис тинчликпарвар кучларини Украинага юборишни истисно этмаганди. Бироқ Германия канцлери Олаф Шольц Бундестаг депутатларининг саволларига жавобан Украинага немис қўшинларини юборишга қарши эканини маълум қилди.