Тошкентда йўловчи автобуси ёниб кетди (видео)
3-саҳифа
−
13 Ноябрь 2023
12004Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани “Қипчоқ” метро бекати ёнидаги автостанцияда йўловчи автобуси тўлиқ ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 13 ноябрь куни 2022 йилда ишлаб чиқарилган MAN русумли автобуснинг ҳайдовчи ўриндиғи орқасида жойлашган электр симлари бирлашган блок қисмида қисқа туташув содир бўлиб, ёнғин юзага келган. Ёнғин қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 16:36 да етиб бориб ёнғин бартараф этилган.
“Ҳодиса натижасида жабрланганлар ва жароҳат олганлар йўқ. Ҳозирда, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан ҳам хизмат текшируви олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ISUZU русумли автобус ва Cobalt иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида енгил машина ёниб кетган эди.