Тошкент вилоятида автобусга урилган Cobalt ёниб кетди (видео)
Жамият
−
08 Ноябрь 2023
6053Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ISUZU русумли автобус ва Cobalt иштирокида ЙТҲ содир бўлиши оқибатида енгил машина ёниб кетгани тасвирланган видео тарқалди. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат бўйича маълумот олиш мақсадида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, бугун, 8 ноябрь куни соат 07:20 ларда Олмалиқ шаҳри Тотувлик ва Эҳтиром кўчалари кесишган чорраҳада 24 ёшли А.Ғ. бошқарувида бўлган Cobalt 56 ёшли С.С. бошқарувидаги ISUZU русумли автобус билан тўқнашиб кетган. Оқибатда Cobalt'нинг мотор қисмида қисқа туташув содир бўлиб, салонида ёнғин юзага келган.
“Ёнғин қисқа муддат ичида ҳудудий ФВБ томонидан бартараф этилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда”, дейди Бобур Тўлаганов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент шаҳри Миробод туманида Matiz автомашинаси бутунлай ёниб кетган эди. Шаҳар ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исохонованинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ёнғинга машина ҳаракати давомида электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.