Тошкентда “яшил чорраҳа” қурилади
Жамият
−
18 Ноябрь 2023
9519Бугун, 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида “Янги Ўзбекистон” кўчаси ва 4R12 магистрал йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, сўнгги йилларда бу икки йўлда қатнов ортган. Бўстонлиқ ва Паркент туманларига бораётган сайёҳлар сони ҳам аввалги йилларга қараганда бир неча баробар кўпайган. Шунингдек, бу кесишма келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўл бўлади.
“Шуларни инобатга олиб, бу кесишмада транспорт боғламаси қуриш мўлжалланган. Лойиҳага кўра, бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннел, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади. Буларнинг эвазига чорраҳа биронта ҳам светофорсиз – “яшил чорраҳа” бўлади. Бу қулайлик натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг вақти ҳозиргига нисбатан 20-30 дақиқага тежалади, ҳаракат хавфсизлиги ошади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Президент “Дўстлик - Қўйлиқ” ерусти метроси тагида қурилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирган. Лойиҳа доирасида бу ерда 36 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, спорт ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар барпо этилиши режалаштирилган.
Мирзиёев мутасаддиларга бу ерда хавфсизлик чоралари ва назоратни таъминлаш, Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15