Тошкентда ўпирилиб тушган туннель йўли ёпилди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси атрофидаги янги туннель йўлида тиргак деворнинг бир қисми қисман ўпирилиб тушгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳодиса ортидан ушбу йўлнинг бир қисми вақтинча ёпилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда зарур техник ишларни амалга ошириш мақсадида Темур Малик кўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси билан кесишмасидан Султония кўчаси кесишмасигача бўлган қисми барча авторанспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Шу ўринда, Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланмайди, бироқ Буюк Ипак йўли кўчасидан Темур Малик кўчасига тушиш-чиқиш йўллари вақтинча ёпилади. 

Мазкур чекловлар ишлар тўлиқ якунлангунга қадар амал қилади. Ҳайдовчилардан йўналишларни олдиндан режалаштириш, вақтинча ўрнатилган йўл белгиларига ҳамда масъул хизматлар ходимлари кўрсатмаларига қатъий риоя этиш сўралади. Ҳаракат қайта тикланиши ҳақида қўшимча ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, йўл ўпирилишига сабаб сифатида дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Буюк Ипак йўли йўл ҳаракати хавфсизлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг