Тошкентда тарвуздан заҳарланиш кўпайдими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан пойтахт Санитария-эпидемиология бошқармаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда пойтахт аҳолиси ўртасида тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кетма-кет қайд этилаётгани бўйича Юқумли касалликлар шифохонасидан тезкор хабарномалар келиб тушгани йўқ. Тарвуздан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб кетяпти, деган хабарлар эса ҳақиқатга тўғри келмайди.

“Текширувдан ўтмаган ҳолда йўл ёқаларида сотилаётган полиз маҳсулотларини харид қилмаслигингиз, фақатгина ишончли ва рухсат этилган савдо нуқталарида, тўғри шароитда сотилаётган маҳсулотларни истеъмол қилишингизни эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни Тошкент шаҳридаги 4-сон шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасида 4 ёшли боланинг вафот этганига доир хабарлар тарқалганди. Маълум бўлишича, оиланинг 3 нафар фарзандида уйда тарвуз истеъмол қилинганидан сўнг кетма-кет қайт қилиш, ич кетиш, тана ҳарорати кўтарилиши белгилари кузатилган. Учала бемор юқорида номи келтирилган шифохонага ётқизилган.  Марҳумнинг отаси фарзандига шифокорлар беэътибор бўлганини айтганди. Кўрилган тезкор реанимацион тадбирларга қарамай, болада биологик ўлим қайд этилган. Болага қўйилган ташхис “Ўткир юқумли ичак касаллиги, гастроэнтероколит тури. Аспирацион синдром”.

Бола Республика суд-тиббий экспертизасига юборилган ва ушбу муассасанинг дастлабки ташхиси маълум қилинган: “ўпка-юрак етишмовчилигининг бошқа турлари, А09 ичак инфекцияси билан боғлиқ, деб тахмин қилинган диарея ва гастроэнтерит”.

Ҳозирги вақтда унинг ўлими бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент заҳарланиш тарвуз Санэпидқўмита

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг