“Шон-шараф” музейи QALAMPIR.UZ нигоҳида (фоторепортаж)
Жамият
−
09 Май 2020
17002Бугун, 9 майдан эътиборан Тошкентнинг Олмазор туманида барпо этилган “Ғалаба боғи” очилди. Ушбу боғ марказида эса “Шон-шараф” музейи қад ростлади.
Шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.
Шон-шараф музейида ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган.
Музейга кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов томонидан чизилган 22 метрлик панно жойлаштирилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбекистонлик йигитларнинг фронтга жўнатилаётгани, оила аъзолари билан видолашув онлари акс этган.
Музей олтита бўлимдан иборат бўлиб, 1-бўлимда республикамиз аҳолисининг фронтга сафарбар этилиши, жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Кейинги бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳалари намойиш этилган. 4-бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталган бўлса, навбатдаги шўъбада уруш йилларидаги бадиий адабиёт, санъат ва матбуот ҳақида ҳикоя қилинган. “Мардлар жасорати мангу яшайди” номли 6-бўлимдан 33 жилдлик “Хотира” китоби, шунингдек, байрам муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар ўрин олган.
Музейдан 20 мингга яқин экспонатлар жой олган. Уларнинг барчаси архив ҳужжатлар ва уруш қатнашчиларининг яқинларидан йиғилган.
“Шон-шараф” музейини сўнгги йилларда Ўзбекистонда асос солинган замонавий ва инновацион музейлардан бири дейиш мумкин. Музей икки қаватдан иборат.
Музейдан урушга дахдор буюмлар, либослар, ўша вақтдаги ҳарбий қисмлар жанговар байроқлари, ҳайкаллар, автомобиллар, уруш қатнашчиларига оид қуроллар, медаль ва ҳужжатлар ўрин олган. Иккинчи қаватдаги экспонатлар эса республик ҳудудлари кесимида ажратиб чиқилган.
LiveБарчаси