Тошкентда одам ўғирлаган жиноий гуруҳ ушланди
3-саҳифа
−
29 Март
14384Тошкент вилоятида босқинчилик ва одам ўғирлашда гумонланган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, 1988 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган шахс 2001 йилда туғилган фуқарони ноқонуний йўллар билан АҚШга юборишни ваъда қилиб, ундан 36 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган. Бироқ Мексика орқали АҚШга ўтмоқчи бўлган фуқаро чегара хизмати томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Шундан сўнг у сарфланган пулларини қайтаришни талаб қилиб, 18 минг АҚШ долларини олган. Уддабурон тадбиркор мижозининг бу ҳаракатларидан кейин унга нисбатан адовати уйғониб, Тошкент шаҳрида яшовчи 1979 йилда туғилган шахс билан ўзаро тил бириктириб, Мексикадан қайтган фуқарони ўғирлаб, ундан пул талаб қилишни режалаштирган.
Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Юқори Чирчиқ туманидаги дала ҳовлига ўғирлаб келинган шахсни ва буюртмани бажариш учун талаб қилинган пулларни қабул қилиб олган жиноий гуруҳ аъзолари ушланган. Улардан махсус ишлов берилган пуллар ва қўрқитиш учун сақлаб келинган металлдан ясалган сохта пистолет ашёвий далил сифатида олинган.
"Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми "б" банди (Босқинчилик), ва 137-моддаси 2-қисми "б" банди (Одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда ИИВ Тергов департаменти томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида профилактика инспекторлари қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганини кўра-била туриб, ҳеч қаерга маълум қилмасдан, жиноятни яширгани аниқланганди.
Райҳона Улканбаева