Тошкентда ноёб лемурни сотишга уринган шахс ушланди
3-саҳифа
−
06 Ноябрь 2025 5784 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ноёб лемурлар ноқонуний сотилаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт Экология бошқармаси муносабат билдирди.
Ўрганиш жараёнида аниқланишича, фуқаро М.И. приматлар оиласига мансуб, инглизча номи Ring-tailed Lemur (Лемур катта ҳалқали) бўлган ҳайвонни сотиш мақсадида ноқонуний равишда сақлаган. Мазкур тур Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари савдоси тўғрисидаги CITES конвенциясининг I иловасига киритилган бўлиб, унинг тижорат мақсадида сотилиши, экспорт ёки импорт қилиниши қатъиян тақиқланган.
Мазкур ҳолатда фуқаро томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-(ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) ва 92-моддалари (ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш) 1-қисмлари қўпол равишда бузилган.
Билдирилишича, шу муносабат билан фуқаро М.И. га нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, материаллар Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судига кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Олиб қўйилган лемур жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари томонидан вақтинча карантин шароитида сақлаш учун қабул қилиб олинган.
Қайд этилишича, CITES конвенциясига киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини ноқонуний равишда сақлаш, кўпайтириш ёки сотиш қонун билан тақиқланади. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганда тегишли чоралар кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида ноёб лочинларни ноқонуний сақлаб турган шахс 620 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилганди.
Live
Барчаси20:04
31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025