Тошкентда наркотик моддаларни Telegram орқали сотган жиноий тўда ушланди (видео)
3-саҳифа
−
18 Май 1963 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ички ишлар вазирлиги тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида интернет наркодўконнинг саккиз нафар йирик аъзолари ушланиб, уларнинг 219 килограмм миқдорда кучли таъсир қилувчи моддаларини сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Telegram ижтимоий тармоғида 2023 йилдан буён гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келган Муриддинов Жалолиддин қўлга олинган. У оиласи билан яшаётган ижарадаги хонадонини наркоомборга айлантириб, 200 кг дан ортиқ прегабалин ва 10 кг дан ортиқ тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келган. Аниқланишича, Жалолиддин Telegram наркодўконида йилига 800 килограммгача кучли таъсир қилувчи дори воситаларини аҳоли орасида тарқатиб келган ҳамда яширин нарколабораторияларни прекурсорлар билан таъминлаб турган.
Бундан ташқари, у бир гуруҳ шахслардан иборат жиноий тўдага бошчилик қилиб, наркожиноий гуруҳ тузишга муваффақ бўлган. Жиноий ҳаракатларда омборчи сифатида ишлаган 1996 йилда туғилган Исломов Шаҳзод Шавкат ўғлининг яшаш хонадони ва автомашинаси текшириб кўрилганда, хонадонда нарколаборатория жиҳозлари ҳамда машина юкхонасида 6 килограмм прегабалин ва 100 грамм тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жиноий тўданинг яна бир аъзоси – 1994 йилда туғилган Қурбонов Асрор Осим ўғли ҳам катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сақлаб келган. Шунингдек, жиноий гуруҳ етакчиси бўлган Жалолиддинга мўмай даромад эвазига “закладчик” сифатида ишлаб келган Абдурасулов Зиёдулла, Ғиёсов Сирожиддин ва Муродов Садриддин исмли шахслар 2000 дан ортиқ психотроп дори воситаларини жойларга тарқатаётган вақтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддаси бешинчи қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноий иш қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ташкил этилган нарколаборатория фаолиятига чек қўйилиб, унда 6000 та бир марталик дозага тенг бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган эди.
Live
БарчасиПутин Хитойга етиб борди
21:09