Қўқонда “гашиш” сотаётган она ва қиз ушланди
Crime
−
08:55 1570 2 minutes
Ўзбекистонда синтетик гиёҳвандлик воситалари ва бошқа наркотик моддаларни ноқонуний тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган.
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тадбир давомида 2004 йилда туғилган, шаҳар иссиқлик таъминоти ходими ушланган. У трансмиллий жиноий уюшмада омборчи вазифасини бажарган. Эркак “Альфа-PVP” синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида қўлга тушган. У ушбу моддани Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида “закладка” усулида тарқатишни режалаштирган.
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1984 йилда туғилган, аввал Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш), 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 164-моддаси (Босқинчилик), 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган шахснинг яшаш хонадонидан “гашиш” ва “героин” аниқланган.
Суриштирувлар давомида у гиёҳвандлик воситаларини 1985 йилда туғилган фуқародан олгани маълум бўлган. Шундан сўнг, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги “Чинор” йўл-патруль хизмати масканида ушбу фуқаро бошқарувидаги Lacetti автомобили тўхтатиб текширилган.
Автомобилнинг мотор қисмига яширилган 250 грамм “гашиш” топилган. Тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳам қўлга олинган.
Фарғона вилоятида эса 2000 йилда туғилган икки нафар шахс 47 миллион сўмга “гашиш” сотиб олгани аниқланган. Уларнинг ёнидан гиёҳвандлик воситаси олиб қўйилган.
Ушланган шахслар гашишни 1998 йилда туғилган аёл ва унинг 1966 йилда туғилган онасидан олганини билдирган. Она ва қиз Қўқон шаҳрида 500 грамм “гашиш” сотаётган вақтда қўлга олинган. Тезкор тадбирлар натижасида жами 1 килограмм гашиш процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида 2 килограмм “гашиш”ни 27 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October