Тошкентда наркотик савдоси билан шуғулланган ёшлар қўлга тушди (видео)

Crime

−

image

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 52,8 минг дозага тенг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 октябрь куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Учтепа ва Бектемир туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида тезкор тадбирлар ўтказилган.

Тадбирлар давомида 2004 йилда туғилган уч нафар шахс Tracker русумли автомобилда гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида тарқатаётган вақтида қўлга олинган. Улар жиноий гуруҳда омборчи ва “закладчик” вазифаларини бажаргани аниқланган.

Уларнинг яшаш хонадонлари, ён-атрофи ва ижарага олган дала ҳовлилари кўздан кечирилганда, 500 грамм “марихуана”, 2 килограммдан ортиқ мефедрон, 1 минг дона зип-пакет, тарозилар ҳамда гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш ва тарқатишда фойдаланиладиган бошқа буюмлар топилган.

Шундан сўнг, гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш мақсадида тезкор тадбирлар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида давом эттирилган. Натижада очиқ дала майдонига яширилган синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиш учун келган шахслар ва уларнинг жиноий шериклари ушланган. Улар орасида турли таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар, шунингдек, 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) ва 169-моддаси (Ўғрилик) билан судланган шахс ҳамда унинг 2000, 2001 ва 2007 йилларда туғилган шериклари бор.

Тезкор суриштирув давомида аниқланишича, улар бир неча ой давомида интернетдаги наркодўконда жиноий гуруҳ раҳбарларининг топшириқларини бажариб келган. Дастлаб “закладчик”, кейинчалик эса омборчи сифатида фаолият юритган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда синтетик гиёҳвандлик воситалари ва бошқа наркотик моддаларни ноқонуний тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends