Тошкентда 672 та “таблетка”ни $4 мингга сотмоқчи бўлганлар ушланди (видео)
Crime
−
19:14 600 2 minutes
Тошкент шаҳрида 672 та “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси 4 минг АҚШ долларига сотилаётганда уч киши ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор-қидирув департаментининг ҳудудий бўлимлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида пойтахтнинг Янгихаёт туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган шахс ҳамда унинг 1994 йилда туғилган аёл ва 2000 йилда туғилган эркак шериклари Gentra автомашинасида 672 та “Регапен”ни 4 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинган. Вазирлик маълумотига кўра, 1995 йилда туғилган шахс гиёҳвандлик моддалари савдоси билан боғлиқ жиноий фаолиятда йирик сотувчи бўлган.
Олмазор туманидаги текширувлар давомида эса муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган ака-укаларнинг гиёҳвандлик моддаларини қўлбола усулда тайёрлагани аниқланган.
Маълум қилинишича, ака-укалар тумандаги фойдаланилмайдиган тўйхоналардан бирини мунтазам йиғилиб туриш учун жой сифатида ишлатган. У ердан гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ ашёвий далиллар, жумладан, елим идишлар, электрон тарози, номаълум суюқлик солинган идиш, қўлбола чекиш мосламаси ва ўрамдаги гиёҳвандлик моддаси олинган.
Ака-укаларнинг автомашиналаридан гашиш ва жами саккиз дона “Регапен” топилган. Уларнинг яшаш манзилидан ҳам гашиш ва “Регапен” аниқланган.
Текширувлар давомида ака-укаларга гиёҳвандлик моддаларини 2000 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган шахс етказиб бериб келгани маълум бўлган. Ундан гашиш ва 532 та “Регапен” дори воситаси олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) учинчи қисми “в” банди ҳамда 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бешинчи қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида 20 килограммдан ортиқ экстракцияли опийнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October