Тошкентда метронинг янги икки йўналиши тезлаштирилган усулда қурилади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида иккита янги метро йўналиши тезлаштирилган усулда қурилиши режалаштирилмоқда. Буни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси Транспорт вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасига кўра, янги йўналишлар “Пушкин – ТТЗ” ҳамда “Технопарк – Янги Тошкент” бўйича ташкил этилади. ТТЗ томонга йўналтирилган тармоқнинг узунлиги 11 километрни ташкил этиши режалаштирилган бўлиб, унда 10 та бекат ва битта депо қурилиши кўзда тутилган. Янги Тошкентгача бўлган йўналиш эса 21 километр узунликка эга бўлиб, 9 та станцияни қамраб олади. Ҳар икки лойиҳани амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” давлат муассасаси буюртмачи этиб белгиланган.

Қайд этилишича, қурилиш ишлари fast-track (тезлаштирилган стратегия – босқичларни параллел равишда якунлашни ўз ичига олган стратегия) усулида амалга оширилади. Бу лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини харид қилиш ва монтаж ишларини бир вақтнинг ўзида олиб бориш имконини беради.

Қурилиш ишлари Европа Иттифоқида қабул қилинган шаҳарсозлик стандартларига мос ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳанинг Янги Тошкентгача бўлган биринчи босқичи 2026 йил охирига қадар ишга туширилиши, тўлиқ транспорт тизими эса 2028 йил кузида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа давомида транспорт ҳаракати учун муқобил йўналишлар ташкил этилиб, жамоат транспорти қатнови узлуксиз таъминлаб борилади.

Шунингдек, ТТЗ автостанциясини бошқа ҳудудга кўчириш ҳам режалаштирилмоқда. Унинг маъмурий биноси эса лойиҳани мувофиқлаштирувчи ташкилотлар балансига ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Айрим автобус йўналишлари Қадрдон ва Гулсанам кўчалари кесишмасига йўналтирилади, бошқалари эса Буюк Ипак йўли кўчасидаги собиқ автовокзал ҳудудига ўтказилади. ТТЗ йўналишида қатнайдиган шаҳар атрофи автобуслари Қибрай автостанциясига кўчирилиши эҳтимоли бор.

Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликларига бир ой муддат ичида метро қурилиши режалаштирилган ҳудудлардаги ер участкалари, бинолар ва дарахтларни хатловдан ўтказиш топширилган. Шу билан бирга, ноқонуний эгалланган ерларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўшатиш чоралари кўрилади.

Ҳужжатда мулки олиб қўйилиши мумкин бўлган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига компенсация тўлаш механизмини уч ой ичида ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Лойиҳани амалга ошириш учун айрим қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа тоифага ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, қурилиш ҳудудидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам хатловдан ўтказилади. Уларни кўчириш билан боғлиқ харажатлар асосан баланс сақловчилар ҳисобидан қопланади, айрим қисми эса 2027 йилги республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Мингўрик – Чилонзор буюм бозори” йўналишида янги метро линияси қурилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, энди Тошкент метрополитени фойдаланувчилари босиб ўтган ҳар бир бекати ёки масофаси учун йўл ҳақини тўлаши ва метрополитен учун мутлақо янги таърифлар жорий этилиши режалаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг