Тошкентда қурилишдаги ишчида коронавирус аниқланди
Жамият
−
13 Июнь 2020
11069Аввалроқ, 12 июнь куни Ўзбекистонда коронавирус қайд этилган 128 нафар бемордан 26 нафари аҳоли орасида тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бирмунча камайган.
12 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 14 нафар, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 5 нафардан, Самарқанд вилоятида эса 2 нафарни ташкил этмоқда.
Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон, Жондор ва Вобкент туманларида яшовчи фуқароларда ҳамда Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2 нафар фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқлангани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри қурилиш объекти ишчисида ва қурилиш объектига ишга кириш учун таҳлил топширган фуқарода, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даволанган, сўнгра шифхонага бориб таҳлил топширган), ушбу туманда яшовчи яна бир фуқаро (тана ҳарорати кўтарилаётганлиги сабабли таҳлил топширган), Зангиота туманида яшовчи фуқарода (санаторийда ётиш учун таҳлил топширган) коронавирус аниқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, қаерда ва кимдан касалликни юқтириб олганидан бехабар фуқаролар таҳлил топширганларида коронавирусга чалинганликларини билишмоқда. Хориждан келган фуқаролар карантинга олингани боис, улардан касалликнинг тарқалиш хавфи паст.
“Лекин юртимизда касалликни қаердан юқтириб олганини билмасдан юрганлардан касаллик тарқалиш хавфи ўта юқори.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини огоҳлантиришда давом этади: карантин ва санитария талабларига тўлиқ риоя этинг, заруратсиз кўчага чиқманг, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий риоя этишни асло унутманг”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси