Тошкентда иссиқлик тизими 10 ноябрдан ёқиладими?
Жамият
−
31 Октябрь
4860Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида иссиқлик тизими 10 ноябрдан ёқилиши ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ бу бўйича масъул “Veolia Energy Tashkent” ташкилоти билан боғланиб, мазкур хабарга аниқлик киритди.
Ташкилот масъул ходимининг айтишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мазкур хабарлар ҳақиқатга зид. Айни пайтда ташкилот Тошкент шаҳрида иссиқлик тизимини ёқиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини кутмоқда.
“Тошкентда қачон иссиқлик тизими ёқилишини Тошкент шаҳар ҳокими ҳал қилади. Биз унинг қарорини кутяпмиз. Айни пайтда ҳокимлик қарор қабул қилиши учун Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет)дан об-ҳаво прогнози ҳисоботини тайёрлашни сўраган. Агар Ўзбекистонда кетма кет беш кун давомида ҳаво ҳарорати +8 даражадан паст бўладиган бўлса, иссиқлик тизими ёқилади,” деди ташкилот матбуот котиби.
Унинг қўшимча қилишича, Тошкент шаҳрида иссиқлик тизимининг ёқилиши ҳар йил ҳар хил санада амалга оширилади ва бу юқорида айтиб ўтилгандек, ҳаво ҳароратига боғлиқ.
Шунингдек, “Veolia Energy Тashkent” ташкилоти матбуот котиби ёлғон маълумотларга ишонмасликни, бу бўйича аниқ маълумот тез кунда эълон қилинишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Тошкент шаҳрида 6 ноябрдан кўп қаватли тураржой бинолари иссиқлик энергияси билан таъминланган эди. 2022 йилида эса Тошкентдаги кўп қаватли уйларда иситиш тизими ёқилиши 24 октябридан бошлаган. 2021 йилда эса бу жараён 12 октябрь санасида амалга оширилган.
Жасмина Расулова