1000 доллар қарз бериб, 10 минг долларлик тилхат ёздирган шахс ушланди (видео)

Crime

−

image

Тошкент вилоятида фуқароларга қарзга пул бериб, улардан берилган маблағдан 10 баравар кўп сумма кўрсатилган тилхат ёздириб олган шахс ушланди. Ушбу тилхатлар орқали қарздорлардан ортиқча пул ундиришга эришган шахсдан жабр кўрган 65 нафар фуқаро мурожаат қилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Ким Павел фуқароларга қарзга пул бериб, эвазига берилган маблағдан 10 баравар кўп сумма кўрсатилган тилхат ёздириб олган. Масалан, у бир фуқарога 1000 АҚШ доллари қарз берган, бироқ ундан 10 минг доллар олгани ҳақида тилхат ёздирган.

Орадан бироз вақт ўтгач, Ким Павел ушбу тилхат асосида фуқаролик судига мурожаат қилган ва қарзни ундириш бўйича суд қарори чиқарилишига эришган. Натижада жабрланувчиларнинг ҳар ойлик иш ҳақидан пул ушлаб қолинган. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилган.

Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ҳозирга қадар ундан жабр кўрган 65 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинган.

Жиноят иши доирасида Ким Павелга тегишли яшаш хонадон ва иш офиси кўздан кечирилган. Натижада фуқароларга тегишли 100 га яқин тилхат, 55 та уй-жойнинг кадастр ҳужжати, 37 та талабнома ҳамда Мажбурий ижро бюросининг қарийб 50 нафар фуқародан пул ундиришга оид ҳужжатлари аниқланган. Шунингдек, 51 та квитанция ҳам топилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ким Павелга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 188-моддаси (Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти) 1-қисми ҳамда 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. У процессуал тартибда ушланган. Суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 20 дан ортиқ қорамолни ўғирлаб, бозорларда сотган уч киши қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends