Тошкентда ичида йўловчилари бўлган электробус ЙТҲга учради
Жамият
−
08 Сентябрь 2023
9788Тошкент шаҳри Бектемир туманида ичида йўловчилари бўлган электробус йўл ёқасидаги “столба”га бориб урилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 7 сентябрь куни соат 17:20 атрофида Бектемир тумани, Сувсоз даҳасидан Қуюв Механика заводи қаршисида 34-35 километр тезликда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи Г.И. бошқарувидаги Yutоng русумли электробус ЙТҲга учраган. Бунга икки йўналишли ҳаракат оқимида транспорт воситаларининг 3 та қатор бўлиб кетиши сабаб бўлгани айтилмоқда.
Мазкур ЙТҲ оқибатида электробусдаги йўловчиларнинг 5 нафари ҳамда ҳайдовчи Г.И. тан жароҳати олган. Улар шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси ва Тошкент шаҳар 4-сонли клиник шифохонасига тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборилган.
Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 35 ёшли фуқаро автобус уриб кетиши оқибатида вафот этган эди. 1988 йилда туғилган А. Д. Ютонг русумли автобусини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.