Тошкентда фуқаронинг ёнидан қарийб 5 млрд сўмлик “қора дори” топилди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида “қора дори” олди-сотдиси билан шуғулланувчи икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди.

Билдирилишича, “Қора дори 2024” тезкор профилактик ойлиги доирасида Тошкент вилояти ИИББ ва Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари билан биргаликда ўтказилган тадбирда кўп миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш мақсадида олиб кетаётган шахс ушланган.

33 ёшли фуқаро М.И. текширувдан ўтказилганда унинг ёнида бўлган автомобиль эҳтиёт қисми (редуктор) ичига жойлаштирилган 12 та ўрамдаги 6 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди ва далилий ашё сифатида олинган. Экспертиза хулосасига кўра, гиёҳвандлик воситасининг қора бозордаги тахминий нархи 4 млрд 800 миллион сўмга тенг.

Шунингдек, унинг яшаш хонадони ҳам текширилган. У ерда синтетик воситаларни кичик миқдорга ажратиб, қадоқлаш ва тарқатиш учун керакли воситалар борлиги маълум бўлган.

Суриштирувга кўра, унга ушбу синтетик гиёҳвандлик воситалари Қирғизистон Республикасидан водий вилоятлари орқали етказиб берилган. Ҳозирда ушбу синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбасини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

“Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондан Ўзбекистонга гиёҳванд моддалар олиб ўтаётган “Ёввойи” лақабли шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

олди-сотди қора дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг