Тошкентда Фарҳод кўчасида ҳаракатланиш вақти қисқартирилди
−
11:07 298 1 minute
Тошкент шаҳридаги Фарҳод кўчасининг Кичик ҳалқа йўлидан Катта Хирмонтепа кўчасигача бўлган 1,8 километрлик қисмидаги еттита светофорнинг ишлаш тартиби ўзгартирилди. Янги режа ҳаракат оқимига қараб сутканинг турли вақтларида йўналишлардан бирига устуворлик беришни назарда тутади. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Янги тартибга кўра, соат 07:00 дан 10:00 гача Кичик ҳалқа йўли томон ҳаракатга устуворлик берилади. Соат 10:00 дан эртаси куни 07:00 гача эса Катта Хирмонтепа кўчаси томон ҳаракат устувор бўлади.
Марказ маълумотларига кўра, ўзгаришлар натижасида тирбандлик кузатилмайдиган вақтда ушбу йўл қисмини босиб ўтиш вақти 6,5 дақиқадан 4 дақиқагача қисқарган.
Қайд этилишича, Тошкент кўчаларида ҳаракатланиш қулайлигини ошириш мақсадида светофор объектларининг ишлаш тартибини оптималлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида қатнов қисмини кесиб ўтувчи қувур ётқизиш ишлари сабабли транспорт ҳаракати икки босқичда чекланиши белгиланган эди.
Live
All