Тошкентда антисептик ишлаб чиқаришга мўлжалланган спирт пулланди
3-саҳифа
−
17 Ноябрь 2023
5870Тошкент шаҳрида антисептик ишлаб чиқариш учун харид қилинган этил спиртини сотиб юборган МЧЖ раҳбарлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “М.Т.” масъулияти чекланган жамияти масъул шахслари антисептик ва лосьон ишлаб чиқариш учун харид қилинган 19,4 миллиард сўмлик 1 153 тонна этил спирти талон-торож қилингани аниқланган.
Унга кўра, МЧЖ масъуллари этил спирти ишлаб чиқарувчи корхоналардан харид қилинган хомашёга антисептик ва лосьон маҳсулотларини ишлаб чиқармасдан, улар сотилгани тўғрисидаги сохта маълумотлар тайёрлаб, этил спиртини бошқа шахсларга нақд пулга сотиб юборгани маълум бўлган.
Шу каби “М.W.” МЧЖ масъул шахслари ҳам антисептик ишлаб чиқариш учун харид қилган 8,9 миллиард сўмлик 402,6 тонна этил спиртини пуллагани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда 300 литрга яқин қўлбола ароқ тайёрлаганлар ушланган эди. Шунингдек, жорий йилнинг сентябр ойида Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қўштепа туманларида яшовчи 7 киши ароқдан заҳарланган ва уларнинг 4 нафари вафот этганди.