Қорақалпоғистонда 300 литрга яқин қўлбола ароқ тайёрлаганлар ушланди
3-саҳифа
−
15 Ноябрь 2023
5852Ўзбекистонда қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини тайёрлаш ва муомалага киритишга уруниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги "Кичик Гулдирсин" МФЙдаги хонадонлардан бирида яшовчи С.А. ўз уйида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқараётгани аниқланиб, ушбу хонадондан 2 157 дона “Русская водка” номли қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 865 дона қалбаки акциз марка, 160 литр спирт, 21 190 дона бўш шиша идишлар ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, Беруний туманида ҳам фуқаро З.А. ўз уйида алкоголь маҳсулоти ишлаб чиқараётгани аниқланиб, қўлбола усулда тайёрланган 120 дона “Қаратау” номли алкоголь маҳсулоти, 120 литр спирт ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товарлар ашёвий далил сифатида олинган.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фуқаролар А.А. ва А.Т. қўлбола усулда ясалган 480 дона "Шаҳрисабз ароғи" номли алкоголь маҳсулотини фуқаро Б.К.га ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ушланган. Мазкур ҳолатда жами 588 дона қалбаки алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қўштепа туманларида яшовчи 7 киши ароқдан заҳарланган ва уларнинг 4 нафари вафот этганди.
LiveБарчаси