Тошкентда аҳолидан йиғилган маблағни талон-торож қилган мансабдорлар ушланди
3-саҳифа
−
13 Июль
8928Тошкентда аҳолидан йиғилган маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган маҳаллага хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси мансабдорлари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда тумандаги “К.Ч.” ва “Б.” маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатувчи “A.K.” МЧЖ бошқарув сервис компанияси масъул шахслари 2022 йилдан 2024 йил 1 июлга қадар аҳолидан йиғилган жами 1,6 млрд сўм маблағларни сарфлангани ҳақидаги чек, счёт-фактура, йўл варақаси, қайта ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишлар ҳақидаги далолатномаларни расмийлаштирмагани, шунингдек, МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилинган 604,4 млн сўм нақд кўринишда олиниб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилгани аниқланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда қурилиш бўлими собиқ бошлиғи ва ҳокимлик мансабдорлари ушланганди.