Тошкентда 230 та қоидабузарлик қилган аёлнинг Lacetti’си аукционда сотиб юборилди
3-саҳифа
−
14 Август
7086Тошкент шаҳрида 230 та қоидабузарлик қилган аёл ҳайдовчининг Lacetti’си хатланиб, аукционда сотиб юборилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг февраль ойида МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан 174 та қоидабузарлик содир этган ҳайдовчининг Lacetti машинаси хатлаб олинган. Фуқарога 174 та маъмурий жаримадан қарийб 59 млн сўм миқдоридаги қарздорликни қопласа, машина ўзига қайтарилиши тўғрисида тушунтириш берилган.
Аммо орадан 6 ой ўтиб, 174 та қоидабузарлик сони 230 тага кўпайган. Яъни ҳайдовчи машина хатланишидан олдин ҳам йўлларда тинимсиз ҳаракат қоидаларига риоя этмай ҳаракатланиб юрган. Бунинг оқибатида 60 кун ўтганидан сўнг ҳам унинг барча қарздорликлари МИБ иш юритувига келиб тушаверган. Шу тариқа, ҳайдовчининг қоидабузарликлари сони 230 тага, жарималар миқдори эса 88 млн сўмга етган.
Қарздорнинг Lacetti’си аукцион савдоларига чиқарилган. Ўтказилган савдолар жараёнида машина аукцион қатнашчиси томонидан 92 млн сўмга сотиб олинган.
Қайд этилишича, ҳозирда аукцион савдолари орқали келиб тушган пул маблағлари қарздорнинг жарималарини сўндириш учун йўналтирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида 105 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ва маъмурий жарималарни тўламаган шахснинг Gentra машинаси хатловга олинганди.
LiveБарчаси