Тошкентда 1,3 млрд сўмлик табиий газни ўмарганлар ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида 1,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди. 

Маълум қилинишича, Бош прокуратура штаби томонидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида назорат тадбири ўтказилган. Унда табиий газдан ноқонуний фойдаланишга доир бир нечта ҳолатдар аниқланган. Хусусан, “О. Ф.” МЧЖга қарашли нотурар бинонинг ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилиб, 956 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, ушбу туманда жойлашган “А. Ф.” МЧЖга тегишли савдо дўконида ҳам худди шундай қоидабузарлик аниқланган. Келтирилган зарар дастлабки ҳисобларга кўра, 331 миллион сўмни ташкил қилган.

Қайд этилишича, яна бир ҳолатда Юнусобод туманида фуқаро В. А. га тегишли бино ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, 84 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан қандай процессуал ишлар олиб борилаётгани ҳақида инспекция ахборот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги умумий овқатланиш жойи ва новвойхонада 2,4 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг