Тошкентда ҳайдовчининг таниши йўловчини автобусдан тушириб юборди (видео)
3-саҳифа
−
10 Сентябрь
18765Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи автобусдан йўловчи тушириб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти муносабат билдирди.
Қайд этилишича, АЖ томонидан тезкор текширув-суриштирув ишлари ўтказилганда, ушбу ҳолат бугун, 10 сентябрь куни соат 18:03 да “1-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги 93-сонли автобус йўналишида ҳаракатланувчи King Long русумли транспорт воситасида кузатилгани аниқланган. Автобуснинг ҳайдовчиси Р.О томонидан ёрдамлашиш учун ишга жалб қилинган Шерали исмли фуқаро ва йўловчи ўртасида жанжал содир бўлган.
Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, автобусга ўрнатилган видеокузатув камераларидаги ёзувлар текширилган. Ҳайдовчининг ёрдамчиси маст ҳолатда автобусда ҳаракатлангани, жамоат транспортида юриш қоидаси ва маданиятига амал қилмай, автобус салонидаги бошқа йўловчилар, шу жумладан аёл йўловчига қўполлик қилганлиги иддаоси билан ушбу йўловчини тушириб юборган. Шундан сўнг автобус ташқарисида жанжал келиб чиққан.
“Ҳозирда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузганликлари учун ҳайдовчига ёрдамчи сифатида ҳаракатланган Шерали исмли фуқаро ва маст ҳолатда ҳаракатланган йўловчининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Ички ишлар органларига тақдимнома киритилди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида йўловчи аёлга шилқимлик қилган “таксист” қамалганди.