Тошкентда ҳайдовчи Captiva`да ЙПХ постидан ўтишга уринди. Аммо...
Жамият
−
16 Апрель 2020
12153Кеча, 15 апрель куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 23 ёшли ҳайдовчи Мираббос А. Captiva русумли автомобилда Йўл-патруль хизмати постидан ўтиб кетишга уриниб йўл-транспорт ҳодисасига учради.
Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, Халқобод кўчасида маҳалладан чиқишда стационар пост бўлган. Ҳайдовчи ЙПХ ходими талабига бўйсунмай, ўтиб кетишга ҳаракат қилган. Кейин бошқарувни эплай олмай, дарахтга урилган.
Йўл-транспорт ҳодисасидан кейин ҳайдовчи тажовузкор ҳаракатлар билан ходимларни ҳақорат қилган ва уларнинг қонуний талабига қаршиилк кўрсатган. Ҳайдовчининг ташқи белгилари ва ҳаракатлари унинг маст эканини кўрсатган ва бу тиббий текширувда тасдиқланган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (“Майда безорилик”), 194 (“Ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик”), 131 (“Автотранспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш”), 134-(“Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши”) моддалари билан маъмурий баённома тузилиб, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган. Қоидабузар қўлга олинган.
Йиғилган материаллар Маъмурий ишлар бўйича Юнусобод туман судига юборилган.