Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш даражаси меъёрдан беш баравар ошди
Бу қизиқ
−
10 Июль 2023
6762Тошкентда 10 июль ҳолатига кўра, ҳавонинг ифлосланиш даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган меъёрдан қарийб 5 бараварга юқорилади. Бу бўйича маълумотлар реал вақт режимида фаолият юритувчи IQAir порталида қайд этилган.
Маълум қилинишича, пойтахт ҳавосидаги PM2,5 концентрацияси 10 июль соат 11:30 ҳолатига кўра, ЖССТ тавсия қилган йиллик ҳаво сифати меъёридан қарийб 5 баравар юқори бўлиб турибди. Ҳаво ифлосланишининг бундай даражаси (AQI 78) “ўртача”, дея баҳоланиб, бу каби об-ҳавода ифлосланишга нисбатан таъсирчан бўлган гуруҳлар: ўпка касаллиги борлар, қариялар ва болалар учун ташқарида ҳаракатланганда юз ниқобларини тақиш, деразаларни ёпиш, очиқ ҳаводаги машғулотларни камайтириш тавсия этилади.
Ўзбекистон пойтахтида ёзнинг кетма-кет ёмғирсиз кунлари ортидан ҳавода чанг ва заҳарли моддалар миқдори ортиб бормоқда. Прогнозларга кўра, ушбу ҳафтада Тошкент ҳавосининг ифлосланиш кўрсаткичи 13 июль куни энг юқори даражага кўтарилади (AQI 98). 14 июль куни эса ҳолат бироз яхшиланиб, PM2,5 кўрсаткичи пасаяди.
Мутахассислар Тошкент ҳавосининг ифлосланишига шаҳарда автомобилларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, эски моделдаги машиналар ҳавога нисбатан кўпроқ зарарли моддалар чиқариши, шунингдек, фабрикалар, заводлар, саноат ҳудудлари ҳамда электр станцияларидан чиқадиган тутунлар сабаб бўлишини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 4 ноябрида Тошкентда чанг бўрони кўтарилиши ортидан ҳаводаги чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 30 баравар ортганди. Шунингдек, Ўзбекистон пойтахти қисқа муддатга дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳри бўлиб турди.