Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашди
Жамият
−
14:45 472 2 дақиқа
Кеча, 23 октябрдан бугун, 24 октябрга ўтар кечаси Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашди. Айрим ҳудудларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларига мос келди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, кечки ва тунги соатларда халқаро ҳаво сифати индекси (АҚИ) бўйича ҳаво асосан сезгир гуруҳлар учун носоғлом даражага етган. Айрим ҳудудларда эса ифлосланиш даражаси “носоғлом” тоифасига тўғри келган. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича “сариқ” даража сақланиб қолган.
Мутахассислар буни тунда ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамолнинг сустлиги ва ҳарорат инверсияси билан изоҳлаган. Бу омиллар атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклаб, ер юзасига яқин ҳудудларда PM2.5 майда заррачаларининг тўпланишига шароит яратган.
Метеосат сунъий йўлдоши тасвирларига кўра, 23 октябрь соат 22:00 дан 24 октябрь соат 09:00 гача Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда қисқа муддатли чангланиш кузатилган.
Махсус комиссия тун давомида Тошкентнинг саккизта туманида атмосфера ҳавоси сифатини махсус асбоблар ёрдамида кузатган. Кузатув пунктларининг аксариятида PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражаси халқаро индекс бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларига мос келган.
Прогнозларга кўра, бугун, 24 октябрь куни кундузи ҳаво сифати халқаро индекс бўйича асосан “мўътадил”, миллий индекс бўйича эса “сариқ” даражада бўлади. Кечга яқин айрим ҳудудларда ҳаво сифати сезгир гуруҳлар учун носоғлом даражагача ёмонлашиши мумкин.
Live
Барчаси