Тошкентда ҳаво ифлосланиши сабаб 131 та йирик корхонага огоҳлантириш берилди

Жамият

−

image

Тошкентда ҳаво ифлосланиши сабаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда фаолият юритаётган 131 та йирик хўжалик юритувчи субъектга атмосферага чиқариладиган зарарли ташламалар миқдорини икки баробарга камайтириш бўйича огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги 7 та иссиқлик электр стансиясига атмосферага чиқариладиган ташламалар миқдорини камайтириш, 30 та йирик қурилиш ташкилотига эса чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини камайтириш бўйича талаб қўйилган.

Ҳозирда махсус мобил лабораториялар корхоналарнинг атмосферага чиқараётган ташламалари миқдорини мониторинг қилмоқда.

Қўмита маълумотига кўра, кеча, 28 октябрь куни соат 22:00 ҳолатида Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифати носоғлом даражада бўлган. Бунга кучли ҳарорат инверсияси, қуруқ ҳаво, ёғингарчиликнинг йўқлиги ва кучсиз шамол сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига асосий кўчалар ҳамда йўл четларидаги қум ва чангни йиғиштириш, мавжуд фаввораларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилган.

Ҳаво сифати ёмонлашган даврда болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари бор фуқароларга очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик, жисмоний фаолликни чеклаш ва ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилаётган ҳаво ифлосланишига ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар ҳам сабаб бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бунда ёғингарчиликнинг камлиги, шамол ва атмосфера ҳавосининг табиий алмашинуви билан боғлиқ жараёнлар муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Тошкент кўчаларида чанг миқдорини камайтириш ва ҳаво намлигини ошириш мақсадида қарийб 100 та махсус техника ёрдамида сув сепилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг